Tanlangan asarlar (cyr), Munavvar qori Abdurashidxonov
Bepul
Munavvar qori Abdurashidxonov

Tanlangan asarlar (cyr)

O‘qish

Taassurotlar

👍
👎
💧
🐼
💤
💩
💀
🙈
🔮
💡
🎯
💞
🌴
🚀
😄

Kitob sizga yoqdimi?

Kirish yoki ro‘yxatdan o‘tish

Iqtiboslar

b3865372163
b3865372163iqtibos keltirayapti2 oy oldin
МУҲАРРИРДАН

Ўзбек халқи тарихининг сўнгги 130 йилга яқин даври «оқ» ва «қизил» салтанатлар таркибида кечди. Ўзбек диёрининг моддий ва маданий бойликларини талон-торож этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган чор ва совет давлатлари халқнинг шу даврда яшаган пешқадам вакиллари — уни ҳур ва озод кўришни истаган, шу йўлда фаолият кўрсатган кишиларни узлуксиз равишда маҳв этиб келди. Шундай мудҳиш сиёсат оқибатида авлодлар ўзбек халқи ичидан XX асрда етишиб чиққан буюк сиймоларни узоқ йиллар мобайнида билмай-танимай келдилар.

Мунаввар қори Абдурашидхонов ўзбек халқининг машаққатли XX асрда дунёга келган Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат сингари буюк сиймоларидан биридир.

Совет давлати Мунаввар қори Абдурашидхоновни авжи камолот фаслида — 53 ёшида Москвада отиб ташлабгина қолмай, сўнгги нафасига қадар унинг устидан туҳмат ва бўҳтон сўзларини ёғдириб келди. Фақат «қизил» салтанатнинг емирилиши билан халқимизнинг бу фидойи фарзанди ҳақидаги ҳақиқат секин-аста ўз жамолини кўрсата бошлади. Дастлаб унинг муборак номи тилга олинадиган бўлди. Сўнг узуқ-юлуқ маълумотлардан иборат мақолалар эълон қилинди. Бундан роса ўн йил илгари — 1992 йили эса «Шарқ юлдузи» журналида журналист Сирожиддин Аҳмад қаламига мансуб «Мунаввар қори» деб номланган тадқиқотнинг чоп этилиши билан алломанинг мунаввар чеҳрасини биздан яшириб турган қора парда узил-кесил олиб ташланди: Мунаввар қори жабрдийда халқимизнинг улуғ фарзандларидан бири сифатида қаршимизда бутун бўй-басти билан гавдаланди-қолди.

Шу вақтдан буён ўтган давр ичида Мунаввар қорининг бир неча мақолалари қайта нашр этилди. Унинг салобатли қиёфаси Миллий уйғониш даври намояндаларига бағишланган «Унутилмас сиймолар» сафидан ўзининг қонуний ўрнини эгаллади. 2001 йили эса «Шарқ» нашриёти унинг «Хотираларимдан» деган сарлавҳа остида тарих фанлари номзоди Сотимхон Холбоев томонидан нашрга тайёрланган китобини эълон қилди.

Мана, бугун сизнинг қўлингизда атоқли журналист, маърифатпарвар, педагог ва истиқлол учун толмас курашчи Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг «Танланган асарлар»и.

Ушбу ғоят гўзал ҳодисанинг ўзиёқ Мустақилликнинг шахдам қадамлар билан ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига кириб бораётганидан шаҳодат бериб турибди.

Мунаввар қори илм-фан, маърифат ва маданиятимизнинг турли соҳаларида фаолият юритди. Унинг қаламига оид талайгина асарлар ҳали газета ва журнал саҳифаларида сочилиб, ноширларини кутиб ётибди. Бугун сиз варақлаётган китоб эса алломанинг кирилл ёзувида биринчи маротаба нашр этилган каттагина асаридир.

XX асрнинг дастлабки чорагида яшаб ижод этган шоир ва ёзувчиларнинг асарларини ўқир экансиз, уларнинг мутлақо ўзга адабий тилда — арабий ва форсий сўзлар билан тўлиб-тошган, мураккаб жумлалар силсиласидан иборат тил ва услубда ёзилгани яққол сезилади. Абдулла Қодирий ва Чўлпон сингари адибларнинг улкан хизмати шундаки, улар ҳозирги адабий тилимизни шакллантириб, сайқаллантириб бердилар. Мунаввар қори ҳам худди шу жараёнда иштирок этиб, тилимизнинг тилла жилолар билан товланишига ўз ҳиссасини қўшди.

Аммо шунга қарамай, унинг қўлингиздаги китобдан ўрин олган асарларида услубий мураккабликларни йўқ, деб бўлмайди. Бугина эмас, балки «эски» маърифий ва маданий қарашлар асосида шаклланган арбобнинг айрим фикрлари, баҳолари ҳам сиз азизларда турли фикр ва мулоҳазалар уйғотиши мумкин. Ҳар ҳолда сиз билан биз Мунаввар қорининг мураккаб тарихий-маданий замонда яшагани ва шу замоннинг фарзанди бўлганини унутмаслигимиз лозим.

Ушбу китобдан ўрин олган асарларнинг салмоқли қис-мини Мунаввар қорининг Тошкент ва Москвадаги қамоқ-хоналарда ёзган хотиралари ташкил этади. Бу хотиралар дастлаб ОГПУ (Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси)нинг Ўрта Осиёдаги мухтор вакили Л. Н. Бельскийнинг топшириғи билан ёзила бошланган.

Маълумки, Туркистон Мухторият ҳукумати зўравонлик йўли билан тугатилгач, ўз ватанларининг мустақил бўлишини орзу қилган зиёлилар турли йўл ва усуллар билан большевизмга қарши кураш олиб бордилар. Мунаввар қори ана шу курашнинг олдинги сафида бўлибгина қолмай, шу курашга раҳбарлик ҳам қилди. Шунинг оқибати улароқ у 1921 ва 1926 йилларда қамоққа олинди. Иккинчи маротаба ҳибсланганида у қамоқдан советларга қарши кураш олиб бормаслик шарти билан озод қилинди. ОГПУ Мунаввар қорини доимий назорат остига олиб, Лев Бельский сиймосида ундан жадидларнинг куни кеча олиб борган ва 20-йиллар сўнггида ҳам олиб бораётган фаолиятлари тўғрисида мукаммал маълумотнома ёзиб беришни ҳам талаб қилди. Агар Мунаввар қори жадидларнинг советларга қарши олиб борган ва олиб бораётган хатти-ҳаракатларини яширгудек ёхуд хаспўшлагудек бўлса, уни қамоқда чиритишини писанда ҳам қилди.

Мунаввар қори ўз хотираларини ана шундай қалтис бир вазиятда ёзди.

Атоқли адабиётшунос Иззат Султон Мунаввар қори номини эндигина тилга олиш мумкин бўлган кунларда шундай бир воқеани айтиб берган эди.

Кунларнинг бирида у трамвайда бир кекса кишини учратиб, унинг юз қирралари таниш эканига эътиборни қаратган. Кекса киши ҳам Иззат Султонни таниб, Мунаввар қорининг сафдошларидан бири бўлганини айтган. «Исми ёдимда йўқ, аммо фамилияси Каримов эди», изоҳ берган Иззат Султон.

Каримов фамилияси собиқ маҳбуснинг айтишича, «миллий иттиҳодчилар» қамоққа олина бошлагач, Мунаввар қори пайтини топиб, уларга: «Қандай айбни қўймасинлар, бўйнингизга олинг. Акс ҳолда биз озодликда юрган ёр-дўстларимизнинг номларини айтиб, уларнинг қамалишига сабабчи бўламиз. Биз ўзимизнинг ҳаётимизни қурбон қилиш эва-зига миллатни сақлаб қолишимиз лозим», деган.

Иззат Султонга бу воқеани сўзлаб берган киши Мирхалил Каримов деган жасур инсон бўлади.

Мунаввар қори Л. Н. Бельскийдек ОГПУ ходимлари ихтиёрида «миллий иттиҳодчилар»нинг ҳар бир қадамига оид маълумотлар борлигини яхши билган. У дастлаб бу мудҳиш идорани чалғитадиган маълумотларни берди, бу ошкор бўлгач эса, фақат ОГПУга асосан хуфялар орқали маълум бўлган маълумотларни бериб, ҳали қамоққа олинмаган сафдошлари ва ҳали ошкор бўлмаган ҳақиқатларни яшириб қолишга ҳаракат қилди.

Ушбу китобдан жой олган турма хотираларини ўқир экансиз, масаланинг шу томонини хотирада тутишингиз лозим бўлади.

Шу нарса муҳимки, Мунаввар қори совет давлатидек қонхўр аждаҳонинг ўзини ҳам, бошқа «миллий иттиҳодчилар»ни ҳам соғ қўймаслигини яхши билган, шунинг учун ҳам сафдошларининг ҳуррият ва мустақиллик йўлида олиб борган курашлари тарихини авлодлар учун ёзиб қолдиришни фойдали, деб билган.

Қўлингиздаги китобдан ўрин олган хотиралар, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, уни тўпловчи Сирожиддин Аҳмад томонидан муаллифнинг араб ёзувидаги қўлёзмаси асосида тўла ҳолда нашрга тайёрланди.

Умид қиламизки, Мунаввар қоридек машҳур жамоат арбобининг ҳаёти ва фаолияти, орзу ва армонлари билан танишиш сизда бу улуғ сиймога нисбатан чинакам ҳурмат туйғуларини уйғотади.

Наим КАРИМОВ
fb2epub
Fayllarni bu yerga sudrab keling, bir martada 5 tadan ko‘p emas